Олий Мажлис депутатлари талабалар тўлов-контракт суммасини пасайтириш ғоясини ўртага ташлашди

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари, ЎзЛиДеП фракцияси аъзолари Абдурашид Абдуқодиров, Расул Кушербаев олий ўқув юртларида тўлов-контракт суммасини пасайтириш ғоясини илгари суришмоқда. Депутатларнинг баёноти Расул Кушербаевнинг Фейсбукдаги саҳифасида эълон қилинган.

«Тўлов-контракт миқдорининг оширилганлиги тўғри(ми)?» деб сарлавҳа қўйилган мулоҳазада қуйидагича фикрларлар билдирилган:

Йиллар давомида ҳар йили ошириб келинаётган олий таълим муассасаларида ўқиш учун контракт тўлов миқдори 2017/2018 ўқув йилида оширилмаганлиги барча тўлов контракт асосида ўқиётган талабалар ва уларнинг ота-оналари учун катта ёрдам бўлган эди. Бироқ ҳар йили иш ҳақи ва стипендияларнинг ортиб боришини инобатга олганда, бундай ҳолатнинг ҳар йили давом этмаслиги кундай равшан эди.

Чунки даромадларнинг ўзгармагани ҳолда харажатларнинг доимий равишда ортиб бориши бозор иқтисодиёти шароитида узоқ давом этмайди. Умуман айтганда, тўлов-контракт миқдорларининг ҳозир эълон қилинганидан ҳам кўра анча юқори фоизларга орттирилиши мумкинлиги ҳақидаги хабарларни илгарироқ эшитгандик. Шунинг учун, ўқувчилар жудаям қизғин кутиб олган, интернет сайтлари ҳамда газеталарда эълон қилинган тўлов контракт миқдорларини камайтириш ҳақидаги таклифлар юқори ташкилотларга юборилган эди. Бироқ, минг афсуски, ушбу таклифларга тегишли мутасаддилар томонидан ҳозиргача ҳеч қандай муносабат ёки жавоб берилгани йўқ.

Мазкур таклиф харажатларни камайтириш, талабанинг қўлга киритилган балига қараб табақалаштирилган тўлов-контракт миқдорини белгилаш ҳамда тайинланган стипендия миқдори ҳисобидан чегирма белгилаш орқали тўлов-контракт миқдорларининг камайтириш ва тўлашда қулайлик яратишдан иборат эди.

Билдирилаётган бу таклиф тўлов контракт миқдорининг ҳозирги оширилган шароитида ҳам талаба ва уларнинг ота-оналари учун анчагина қулайликлар яратар эди.

Таклифларни асослашга ўтсак.

Маълумки, 2018/2019 ўқув йилида олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш бўйича умумий квота бакалаврлар учун 69200 нафар, шу жумладан, давлат грантлари бўйича – 17654 нафар ва тўлов-контракт асосида – 51546 нафарни ташкил этади. Бошқача айтганда, 17654 нафар талаба давлат бюджети асосида таълим оладиган бўлса, улардан атиги бир неча балл камроқ балл олган талабалар эса тўрт йил давомида контракт тўлаши шарт. Устига устак, тўлов-контракт миқдорининг ҳар йили ошириб борилишини ҳам унутмаслик керак. Бундан ташқари, талаба ёки унинг ота-онаси томонидан 6 ой олдин тўланган тўлов-контракт миқдори ҳисобидан ҳар ой, жумладан, таътил ойларига ҳам стипендия тўланиб келинмоқда.

Агар илгари сурилаётган таклиф инобатга олиниб, амалиётга жорий этилса нима ўзгаради? Буни баклаврлар мисолида тушунтирамиз.

Биринчидан, ҳозирги ҳолатда жами 69200 нафар бакалаврдан 17654 нафари тўлиқ давлат бюджети, қолган 51546 нафари эса тўлиқ тўлов-контракт асосида ўқишга қабул қилинади ва давлатга 51546 шартли бирликдаги тўлов-контракт миқдоридаги маблағ келиб тушади.

Таклифга кўра эса, жами 69200 нафар бакалаврнинг энг юқори баллни қўлга киритган биринчи 12 фоизи ёки 8304 нафари тўлиқ давлат бюджети асосида, кейинги 12 фоизи ёки яна 8304 нафари 45 фоизли тўлов контракт асосида, кейинги 12 фоизи ёки яна 8304 нафари 60 фоизли тўлов контракт асосида, кейинги 12 фоизи ёки яна 8304 нафари 85 фоизли тўлов контракт асосида, қолган 52 фоиз ёки 35984 нафари эса тўлиқ (100 фоизли) тўлов конракт асосида таълим олишади. Натижада, ўн мингга яқин талабага контракт тўловини тўлашда икки баробаргача енгиллик яратилади, қўлга киритилган баллга нисбатан рағбатлантириш кучаяди ва ниҳоят молиячилар учун энг муҳим бўлгани, амалдагидан 215 шартли бирликка (тахминан 1,8 млрд. сўмга) кўпроқ, яъни жами 51761,6 шартли бирликдаги тўлов-контракт миқдоридаги маблағ келиб тушади. Шу орқали ортиқча тушган маблағ эвазига ижтимоий ҳимояга муҳтож талабаларга ёрдам ташкил этиш ҳам мумкин бўлади.

Иккинчидан, амалдаги тартибга кўра 6 ой аввал тўланган тўлов контракт ҳисобидан талабага стипендия тўлаб келинади. Бунда, агар тўлов контракт миқдори тўлиқ тўланмаган бўлса, талабага бир неча ойлар давомида ҳам стипендия тўланмай турилади. Бундай тартибнинг мавжудлиги, стипендиянинг талабага ижтимоий ҳимояси учун берилаётганини даъво қилувчиларнинг даъвосига мутлақо мос келмайди.

Шунинг учун, талабага талаба ёки унинг ота-онаси томонидан тўланган тўлов-контракт маблағи ҳисобидан семестр якунига кўра 12 ой давомида стипендия тўлаб келинаётганлигидан келиб чиқиб, талаба ёки унинг ота-онасининг хоҳишига кўра таътил ойларидаги тўлиқ стипендияси ҳисобидан, қолган ойлардаги стипендиянинг энг кам ойлик иш ҳақи миқдоридан ортиқча қисми ҳисобидан тўлов-контракт миқдоридан чегириб ташлашни жорий этиш таклиф этилган эди.

Бунинг натижасида, талабанинг ўқиш давридаги ижтимоий ҳимояси энг кам ойлик иш ҳақи миқдори ҳисобидан таъминлангани ҳолда, бир ўқув йили бўйича 1,7 миллион сўмдан 5,3 миллион сўмгача камроқ тўлаши мумкин бўлади. Бунда давлат бюджетига ҳеч қандай зарар келтирилмайди. Яна ҳам соддароқ айтганда, талаба бермайди ҳам олмайди ҳам.

Ана энди айтингчи, юқоридаги таклифнинг давлат бюджетига қандай зарари бор? Аксинча, давлат бюджетига 1,8 миллиард сўмга яқин кўпроқ маблағ тушади-ку?!

Шуни ҳам эътироф этиш адолатдан бўлар эдики, баъзилар томонидан Германия, Япония каби давлатлардаги тартиб билан мамлакатимиздаги олий таълим муассасаларидаги контракт тўлов миқдорларини солиштириш орқали бир томонлама муносабат билдириш ҳолатлари учрамоқда. Германияда олий таълим олиш бепул ёки Япониядаги тўлов-контракт миқдорининг ўртача ойлик иш ҳақи миқдорига яқин бўлгани билан, улардаги талабаларга стипендия деярли тўланмайди. Бир ўқув йили давомида мамлакатимиздаги бир нафар талабага у тўлаган тўлов контракт миқдоридан 3,5-7 миллион сўмгачаси яна ўзига стипендия сифатида тўланаётганлигини инобатга олиш зарур. Агар бизда ҳам, ҳеч бир талабага стипендия умуман тўланмайдиган бўлса, тўлов-контракт миқдори 1,5-2 миллион сўмдан ортмаган бўлар эди ҳамда бу миқдор биздаги ўртача ойлик иш ҳақи миқдоридан ҳам катта фарқ қилмас эди. Яна шуни ҳам инобатга олиш керакки, ҳар йили тўлов-контракт асосида талабаликка тавсия этилганларнинг 90–95 фоизи ўқишни давом эттирадилар ҳамда бир ўқув йили давомида 0,5 фоизгача талабалар тўлов-контракт маблағини тўлай олмаганлиги учун талабалар сафидан четлаштирилади. Албатта бунда, минглаб ёшларнинг тақдири турганлигини ҳам унутмаслик зарур.

Хулоса ўрнида, белгиланган харажатларга нисбатан даромадларнинг мутаносиблигини сақлаш заруриятидан келиб чиқиб, тўлов-контракт миқдорларининг ошириб борилишини тушуниш мумкин. Бироқ, амалдаги тартибларнинг ўрнига адолат принципларига, талабаларнинг ижтимоий ҳимоясига қаратилган ҳамда ота-оналар учун қулайликлар яратадиган янгича тартибларни жорий этиш бўйича юборилган асослантирилган таклифлар юзасидан ҳеч бир мутасадди томонидан ҳеч қандай муносабат билдирилмаётганлигини қандай тушуниш мумкин?

Абдурашид Абдуқодиров, Расул Кушербаев,
Олий мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари

 

скачать dle 10.6фильмы бесплатно
  • 12-07-2018, 14:11 |
  • 206


Имя:*
E-Mail:
  • winkwinkedsmileam
    belayfeelfellowlaughing
    lollovenorecourse
    requestsadtonguewassat
    cryingwhatbullyangry
Введите код: *
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив