Навоийлик фермер чўлда туя сути билан даволашни йўлга қўйди

Қизилқум кенгликлари чорвачилик, айниқса, қоракўл, йилқи ва туячилик учун жуда қулай. Шу боис бу ҳудудда кейинги йилларда чорвадорлар ўзига хос тадбиркорлик билан шуғулланмоқда, дея хабар беради ЎзА.

«Лазизбек тулпорлари» кўп тармоқли фермер хўжалигида дастлаб туячилик йўлга қўйилди. Ишбилармон тадбиркор Лазиз Боевни эндиликда нафақат навбаҳорликлар, балки хорижда ҳам яхши танишади. Сабаби, у биринчилардан бўлиб чўл шароитида табиий шифобахш маҳсулот — туя сути билан даволашни йўлга қўйди.

Фермер туман марказидан 40 чақирим олисда, саҳро бағрида ўтов тиклаб, туячиликни ривожлантирди. Айни вақтда жониворлар сони 30 бошга етди. Хўжалик ўтовларида бу жонзотнинг сути билан кишилар дардига шифо бағишлаш ғояси туман ва вилоят раҳбарлари томонидан қўллаб-қувватланиб, ташкилий ишлар бошлаб юборилди. Ички имкониятлардан фойдаланиб, бу ерда бир вақтнинг ўзида 30 кишига хизмат кўрсатиш учун шароит яратилди. Хусусан, ушбу маскан Тожикистон, Қирғизистон ва бошқа давлатлардан келган мижозларга жуда маъқул тушди.

— Талаб ва истакларни инобатга олиб, яна ўнта ўтов ҳамда икки қаватли бино қуриш ниятим бор, — дейди фермер. — Бунга эришсам, 150 беморга хизмат кўрсата оламиз. Раҳбарлар лойиҳамизни маъқуллашди ва маблағ масаласида ёрдам беришга тайёр эканликларини билдирди. Режадаги ишларни бажариш учун 5 миллиард сўм кредит олишни мўлжаллаганмиз. Чорва учун шароит етарли, фақат талаб даражасидаги маиший хизматни йўлга қўйсак бўлгани. Ўн нафар ходим сони яна шунчага кўпаяди.

— Кўп йиллардан буён қон босимим юқори бўлиб, ошқозоним ҳам безовта қилиб турарди, — дейди самарқандлик бемор У.Искандаров. — Орада укам гепатит, келиним эса қандли диабет касаллигига чалинди. Бу ернинг таърифини эшитиб келдик. Ўн кунлик табиий муолажалар натижасида ҳозирда ўзимизни жуда яхши ҳис этяпмиз. Келиним соғайиб, куни кеча уйга қайтди. Келгуси ойда яна келиб, даволанишни давом эттирамиз. Бу ернинг ҳавоси иссиқ бўлса-да, кўрсатилаётган хизмат, ходимларнинг самимий ва хушмуомалалиги барчанинг дилини хушнуд этмоқда.

Жорий йилнинг ўзида бу ерда даво топганлар сони 200 нафардан ошди. Ходимлар эса холис хизмат қилишдан чарчамайди. Уларнинг таъкидлашича, кунлар салқинлашиши билан ташриф буюрувчилар сони янада ортади.

 

скачать dle 10.6фильмы бесплатно
  • 13-08-2018, 13:49 |
  • 904


Имя:*
E-Mail:
  • winkwinkedsmileam
    belayfeelfellowlaughing
    lollovenorecourse
    requestsadtonguewassat
    cryingwhatbullyangry
Введите код: *
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив