Қандай қилиб Telegram Ўзбекистонда биринчи рақамли сервисга айланди?

Мазкур иловадан фақат ёзишмалар ва қўнғироқлар учун эмас, балки бизнес воситаси сифатида, ва шунингдек давлат органлари билан мулоқот қилиш мақсадида ҳам фойдаланишади.

Қандай қилиб Telegram Ўзбекистонда биринчи рақамли сервисга айланди?

 

2013 йилнинг кузида Telegram тарихида кескин ўзгариш юз берди. Ўша йилнинг август ойида WhatsApp мессенжерига ўхшатиб ишланган мазкур илова PlayMarket ва AppStore программаларида энг кўп юкланган юзликка ҳам кирмаслиги мумкин эди. Аммо бир воқеа ҳаммасини ўзгартириб юборди.

Ўшанда номаълум сабабларга кўра, ҳеч қандай расмий баёнотсиз WhatsApp мессенжери деярли ишламай қолди. Программада расм ва мусиқаларни юклаб олиш имконияти чекланиб, аудио ва видео алоқа йўқолиб қолди. Октябр ва ноябр ойларида мазкур сервисдан фақат VPN оқали фойдаланиш мумкин эди. Лекин ўша пайтлар ушбу мураккаб тизимни, мамлакатнинг бошқа ҳудудларида истиқомат қиладиганлар уёқда турсин, Тошкент аҳолисининг кўпи тушуна олмасди.

Натижада 2013 йилнинг 6 ноябрида Telegram юклаб олишлар сони бўйича ўттизинчи ўринга кўтарилди. Кейинги ой эса биринчи ўринга чиқиб олди ва ҳозирга қадар «ижтимоий тармоқлар» категориясида ўз позициясини сақлаб келмоқда. 

Нега айнан Telegram?

Telegram ўзбекистонликлар орасида машҳур мессенжерга айланиши сабаби жуда оддий.  Ушбу илова WhatsApp билан жуда ўхшаш бўлганлиги учун, янги интерфейсга кўникиш талаб этилмасди. Фото, видео ва аудиолар анча тез юкланиши сабабли Ўзбекистон аҳолиси осонлик билан Telegram’га ўтиб олди.

Бугун Telegram’дан бутун Ўзбекистон бўйлаб 18 миллионга яқин киши фойдаланади 

Павел Дуров яратган Telegram иловасининг Ўзбекистонни забт этиши кўп жиҳатлари билан Эрондаги ҳолатга ўхшаб кетади. Мессенжерлар ва ижтимоий тармоқларни тўсиш авжига чиққан бир пайтда, учинчи шахслардан ҳимоя қилинган Telegram оммалашишда давом этди. Ушбу илованинг имкониятлари бошқа программаларга мурожаат қилишга ҳожат қолдирмади.

Бугун  Telegram’дан бутун Ўзбекистон бўйлаб ўртача 18 миллионга яқин киши фойдаланади. Бу мазкур илова аудиториясининг 18 фоизи дегани. Ушбу мессенжер энди фақат WhatsApp’нинг ўрнини босувчи илова эмас, алоҳида инфраструктурага ва ўз қоидалари, контенти ва шартларига эга бўлган ҳақиқий ижтимоий тармоққа айланди.

Telegram бугун мобил операторлар таклиф қилаётган SMS хизматининг ўрнини босмоқда. Агар Ўзбекистонда мобил интернет сифатли ва паст нархда бўлганида эди, қўнғироқлар ҳам кўпинча Telegram орқали амалга ошириларди. Ушбу мессенжер орқали ўзбекистонликлар узоқ вақт давомида чет эл билан боғланиб келди. Аммо Россияда Telegram’нинг тўсилишидан сўнг икки мамлакат ўртасидаги қўнғироқлар сони кескин камайди.

Бундан ташқари, республика аҳолисининг 80 фоизи интернетга қўл телефони орқали киради. Яна бир муҳим жиҳати, Telegram хат ёзиш ва фотосуратлар жўнатиш имконини беради, ҳатто тармоқдаги тезлик жуда паст бўлса ҳам.

Telegram бизнес юритишда

Шу йилнинг апрел ойида Москванинг Таган туман суди Telegram мессенжерини Россия ҳудудида блокировка қилиш тўғрисида қарор чиқарди. Ушбу воқеа нафақат Россияда, балки Ўзбекистонда ҳам муҳокама марказида бўлди. Баъзи ўзбекистонликлар ҳар эҳтимолга қарши WhatsApp иловасини юклаб олишди.

Хавотирга ўрин бор эди — 90 фоиз ҳолларда Telegram’дан иш воситаси сифатида фойдаланишади.

Чатлар

Функциялар тўплами, чатларни супер гуруҳларга айлантириш, хатлар ва чатларни «маҳкамлаб» қўйиш, хатларни бир зумда юклаб олиш имкониятлари Telegram’ни бизнес учун қулай воситага айлантирди.

Медиакомпаниялардан тортиб янги стартапларгача, деярли барча ушбу иловадан иш билан боғлиқ бўлган кундалик масалаларни ечишда фойдаланади. Чатлардан эса Ўзбекистонда ҳатто давлат компаниялари ҳам ўз фаолиятларида ишчи восита сифатида фойдаланади. Мисол учун, Мирзо Улуғбек тумани ҳокимияти ўзининг телеграм-чатида ҳал қилиниши лозим бўлган муаммолар, муҳим савол ва масалалар ҳақида маълумотларни жойлаштиради. Наманган вилоятида эса тадбиркорлар учун алоҳида чат фаолият юритади. Ушбу чат орқали ишбилармонлар бизнес бўйича ўзларининг қизиқтирган барча саволларини тўғридан-тўғри ҳокимларига йўллашлари мумкин.

Қандай қилиб Telegram Ўзбекистонда биринчи рақамли сервисга айланди?

 

Бир томондан бу иш учун жуда қулай формат. Лекин бошқа томондан, Россияда Telegram’ни тўсиш бошланганида, Ўзбекистонда ҳам ушбу программа ишлашида бир неча бор узилишлар юзага келди. Ўшанда кўплаб фойдаланувчилар Telegram’даги ахборотни бошқа бир хавфсизроқ жойга резерв қилиб кўчириш ҳақида ўйлаб қолишди.

Ботлар бизнесга кўмаклашади

Ёзишмалар ва ишчи чатлардан ташқари, Telegram’дан бизнесда сервис ва хизматлар савдоси учун тўлақонли восита сифатида фойдаланишади. Мазкур илова очиқ кодли платформа бўлиб, бирор бир компания, уюшма ёки вазирлик учун бот очишда бор-йўғи Jason дастурлаш тилини билиш талаб этилади. Бизнес учун ботлар яратиш — бу пул топишнинг яна бир йўналиши.

Деярли ҳар бир йирик ширкат ўзи учун бот яратади. Ушбу бот ёрдамида , масалан, қайси дорихонадан керакли дорини харид қилиш мумкинлиги ҳақида  маълумот олиш мумкин бўлади. Лекин энг оммабоп ва даромадли йўналиш — бу ботлар орқали озиқ-овқат маҳсулотлари ва сервисларга буюртма беришдир.

Авваллари бу каби мақсадларни амалга ошириш учун бизнесдан мобил иловалар яратиш талаб этиларди. Энди эса харажатлар камайди — ботга буюртма бериб, унинг фаолиятини назорат қилиб турса бўлгани. Ботнинг нархи 50 доллардан бошланади, мобил иловаларни ишлаб чиқиш эса бир неча юз долларга баҳоланиши мумкин.

Қандай қилиб Telegram Ўзбекистонда биринчи рақамли сервисга айланди?

 

2016 йил асосий мобил илова ёки сайтсиз, фақат бот орқали ишлайдиган GoTaxi сервиси пайдо бўлди. Ушбу сервис эгасининг айтишича, бизнес олти ой ичида ўз харажатларини ўзи қоплаш даражасига чиққан, телеграм-бот эса мижозлар билан битта ахборот майдонида бўлишга имконият яратган.

Умумий овқатланиш соҳасида ҳам маҳсулот ва хизматларни оммалаштиришда ботлардан фаол тарзда фойдаланилмоқда. ChoparPizza ширкати раҳбари Петр Теннинг айтишича, бу каби мессенжер Кореяда ҳам мавжуд бўлиб, ундан ҳам интернет дўкони, ҳам овқат етказиб бериш сервиси сифатида фойдаланишади. Шунинг учун, бу имконият Telegram’да пайдо бўлгач, компания дастурчилар билан боғланиб, таом етказиш ботини ишлаб чиққан.

Ботнинг илк версияси жуда оддий ва функциялари чекланган эди. Яна бир ой давомида программанинг имкониятларини кенгайтириш, хатоларни бартараф этиш устида ишлашган. Ушбу бот буюртма муддатини қисқартириб, мижозлар сонини кўпайтиришга ёрдам беради. Орадан тўрт ой ўтиб, бот орқали амалга оширилган буюртмалар сони умумий ҳажмнинг 30 фоизини ташкил қилган.

Бундан ташқари, тескари алоқа эвазига маҳсулотни етказиб бериш ёки ишлаб чиқишда қайси босқичларда камчиликлар борлигини аниқлаш мумкин. Бу эса нуқсонларни тезда бартараф этишга имкон яратади.

Каналлар Узнет ривожланишида қандай рол ўйнамоқда?

Қандай қилиб Telegram Ўзбекистонда биринчи рақамли сервисга айланди?

 

Телеграм-каналлар Ўзбекистондаги энг оммабоп бизнес воситалардан бири саналади. Ботлардан фарқли ўлароқ, каналлардан ОАВ ходимлари, блогерлар, давлат органлари ва ҳокимият аъзолари маълумот етказиш мақсадида фойдаланади.

Ўзбек тилида янгиликлар етказувчи ОАВларнинг каналлари Ўзбекистонда энг оммабоп ҳисобланади. Масалан, Daryo.uz нашри бугунги кунда 200 мингдан кўпроқ ўқувчиларига эга, Kun.uz’нинг каналига эса 357 301 киши аъзо бўлган. Мамлакат президентининг канали ҳам анча машҳур бўлиб, аъзолари сони 285 897 та.

Шу билан бирга Telegram’да реклама бозори ҳам тараққий этмоқда. Охирги икки-уч йилда Тошкентда фақат телеграм-каналлардаги рекламалар билан шуғулланувчи компаниялар ҳам пайдо бўлди. Мисол учун, Clickme йирик аудиторияни қамраб олишга кафолат беради, чунки маҳсулот рекламасини камида 50 минг аъзога эга бўлган каналларга жойлаштиради.

Компания эгаси Тимур Бакаевнинг фикрича, Telegram аллақачон оддий мессенжер доирасидан четга чиқиб, ҳақиқий ижтимоий тармоққа айланиб бўлган. Telegram фойдаланувчилари Ўзбекистонда барча ижтимоий тармоқлар аудиториясидан кўп.

Ишлаш механизми эса анча содда. Компания бот ишлаб чиқади ва уни бошқарув ҳуқуқини берувчи барча қаналларга улайди. Шундай қилиб реклама олиш ва ўз аудиториясини монетизация қилиш истагида бўлган каналлар гуруҳи шаклланади. Компания эса жиддий мижозларга эга бўлишга ва ўртакашлик учун ҳақ олишга ҳаракат қилади. Минимал пакет бешта каналга маълумот жойлаштиришни ўз ичига олади, хизмат нархи эса битта пост учун 156 доллардан бошланади.

Аммо бунинг ўзига хос салбий жиҳатлари ҳам бор. Каналлар аудиториясини бошқариш ёки кузатишнинг имкони йўқлиги сабабли бирор бир статистикага эга бўлиш ниҳоятда қийин. Каналлар рейтинги, албатта, мавжуд, лекин уларнинг маълумоти бўйича фақат аъзолар сонини аниқлаш мумкин. Фейсбукдан фарқли ўлароқ, ким, качоқ ва нима мақсадда постни бошқалар билан улашганига ойдинлик кирита олмайсиз.

Ҳар бир ижтимоий тармоқда бўлгани каби, Telegram’нинг ўзбек сегментида ҳам фейк янгиликлар, миш-миш гаплар, тасдиқланмаган фактлар ва контент сифати ўта паст даражада бўлган каналлар ҳам етарлича.

Нима бўлган тақдирда ҳам ушбу илова жамият ҳаётида муҳим ўринга эга. Бу ерда блог очиш учун энг қулай имкониятлар мавжуд. Тошкентда ҳатто каналлар ҳамжамияти пайдо бўлган. Улар бир-бирларини «репост» қилишади, каналларда ўзаро мулоқот қилишади ва ҳар бири маълумот устида ўзига хос тарзда иш олиб боради.

Бу нарса камида пойтахт аҳолисига алоҳида мавзулар билан яқинроқ танишишда ёрдам беради. Мисол учун, дарахтларни оммавий тарзда кесиш, янги йўллар барпо этиш ёки ўзбекча бекатларни инглиз тилига таржима қилиш масалалари билан. Шундай қилиб Telegram мессенжери маълум бир ижтимоий контекстга эга. Ва ушбу контекст ўзбекистонликларнинг маълумотга, мамлакатга ва унда юз бераётган воқеаларга нисбатан бўлган муносабатини ўзгартирмоқда.

 

Дарина Солод 

Манба: reporting.cabar.asia

скачать dle 10.6фильмы бесплатно
  • 7-12-2018, 17:40 |
  • 203


Имя:*
E-Mail:
  • winkwinkedsmileam
    belayfeelfellowlaughing
    lollovenorecourse
    requestsadtonguewassat
    cryingwhatbullyangry
Введите код: *
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив