Миллий хавфсизлик хизматининг янги раиси Ихтиёр Абдуллаев ҳақида нималарни биламиз?

Аввал хабар берганимиздек, бугун, 31 январь куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида Миллий хавфсизлик хизмати ва прокуратура органлари ходимлари иштирокида йиғилиш бўлиб ўтди. Ушбу йиғилишда ташкилий масала кўрилди. Миллий хавфсизлик хизмати раиси Рустам Иноятов ўз вазифасидан озод этилиб, унинг ўрнига Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори лавозимида ишлаб келаётган Ихтиёр Абдуллаев тайинланди.

Хўш, Миллий хавфсизлик хизматининг янги раиси Ихтиёр Абдуллаев ҳақида нималарни биламиз?

Миллий хавфсизлик хизматининг янги раиси Ихтиёр Абдуллаев ҳақида нималарни биламиз?

 Фото: «Vesti.uz»

xabar.uz маълумотларига кўра, Ихтиëр Абдуллаев 1966 йилнинг 22 майида Фарғона вилояти Учкўприк туманида туғилган. Перм давлат университетида ҳуқуқшунос мутахассислиги бўйича таҳсил олган.

Фаолиятини 1988 йилда Фарғона шаҳар суд ижрочиси сифатида бошлаган.

1990—1993-йилларда Фарғона вилояти адлия бошқармасида ишлаган.

1993—1995-йилларда жиноят ишлари бўйича Фарғона шаҳар суди судьяси, раиси вазифасини бажарувчи, 1995—1997-йилларда жиноят ишлари бўйича Фарғона вилоят суди судьяси ҳамда Судлов ҳайъати раиси, 1997—2000-йилларда Ўзбекистон Республикаси Президентининг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Давлат маслаҳатчиси хизматининг фуқаролик ва амнистия масалалари бўйича референти бўлиб ишлаган.

2000—2001-йилларда жиноят ишлари бўйича Андижон вилоят суди раиси этиб тайинланган. 

2001—2002-йилларда Ўзбекистон Республикаси Президентининг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Давлат маслаҳатчисининг ўринбосари, 2002—2006-йилларда Адлия вазирининг биринчи ўринбосари, 2006—2007-йилларда Ўзбекистон Республикаси Президентининг мамлакатни ислоҳ қилиш ва янгилашнинг ҳуқуқий базасини такомиллаштириш масалалари бўйича Давлат маслаҳатчиси вазифасини бажарувчи, 2007—2009-йилларда Ўзбекистон Республикаси Президентининг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Давлат маслаҳатчиси, 2006—2009-йилларда Ўзбекистон Президенти ҳузуридаги Амалдаги қонун ҳужжатлари мониторинги институти директори вазифасида ишлаган.

2009 йилдан 2015 йилгача Ўзбекистон Президентининг ташкилий ва кадрлар масалалари бўйича Давлат маслаҳатчиси сифатида фаолият юритган.

2015 йил 21 апрель куни у 15 йил давомида Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори бўлиб ишлаган Рашид Қодировнинг ўрнига ушбу лавозимга тайинланган эди. Президент Шавкат Мирзиёев раислигида бўлиб ўтган йиғилишда у 1995 йил ёзидан буён узлуксиз равишда Ўзбекистон Республикаси Миллий хавфсизлик хизмати раиси лавозимида ишлаб келаётган генерал-полковник Рустам Иноятов ўрнига МХХ раҳбарлигига тайинланди.

Ихтиёр Абдуллаев иккинчи даражали давлат адлия маслаҳатчиси унвонига эга.

Эслатиб ўтамиз, Ихтиëр Абдуллаев Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори этиб тайинлангач, прокуратура органлари тизимида кўплаб ўзгаришларни амалга оширди. Биргина Бош прокуратуранинг ўзида элликдан зиёд ходим вазифасидан озод этилган, уларнинг ўрнига янгилари тайинланган. Шунингдек, ҳудудий прокуратура органлари фаолияти ҳам жиддий ислоҳ қилиниб, кўплаб кадрлар алмаштирилган эди.

 

скачать dle 10.6фильмы бесплатно
  • 31-01-2018, 17:16 |
  • 565


Имя:*
E-Mail:
  • winkwinkedsmileam
    belayfeelfellowlaughing
    lollovenorecourse
    requestsadtonguewassat
    cryingwhatbullyangry
Введите код: *
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив