Иқтисодчи Юлий Юсупов 2019 йил якунлари ва келгуси йил ҳақида

2019 йил якунланишига саноқли кунлар қолди. Жорий йилда мамлакатимизнинг ижтимоий ва иқтисодий ҳаётида кўп воқеалар ва ўзгаришлар рўй берди. Ҳар бир босиб ўтилган давр жамият ва унинг аъзоларида маълум таассуротлар қолдириши аниқ. Шу билан бирга, “эски” йилни кузатиб, янги йилга ўтилаётган бир вақтда янги йилга умид билан қараш одатий ҳол.

Иқтисодчи Юлий Юсупов 2019 йил якунлари ва келгуси йил ҳақида

 

UzAnalytics сайти мухбири таниқли иқтисодчи, Иқтисодий ривожланишга кўмаклашиш маркази раҳбари Юлий Юсупов билан 2019 йил якуни бўйича натижалар, хулосалар ҳамда янги 2020 йил учун тахмин ва прогнозлар ҳақида суҳбатлашди. Қуйида мазкур интервьюни эътиборингизга ҳавола қиламиз.

Якунланаётган йил мамлакатнинг ижтимоий ва иқтисодий ҳаётида нимаси билан эсда қолди?

Жорий йилда солиқ ислоҳоти энг муҳим воқеалардан бири бўлди. Солиқ ислоҳоти анча олдин ўтказилиши керак эди. Чунки, бунга ҳаракат бир мунча вақт аввал бошланган бўлиб, фақат 2019 йилга келиб амалга ошди. Бу ислоҳотни ўтказиш учун шароит етилган эди. Негаки, эски солиқ тизими мамлакат иқтисодиётини аянчли аҳволга олиб келганди. Бир томондан солиқ ислоҳотлари бошлангани яхши, аммо унинг келтириб чиқараётган айрим муаммоларига ҳам кўз юмиб бўлмайди. Асосийси, ислоҳотлар давом этмоқда. Қувонарли ҳол шундаки, 2019 йилнинг иккинчи ярмига келиб, ҳукумат йўл қўйилган айрим хатоларни англаб етиб, уларни тузатишга, таҳрир қилишга харакат қилди.

Тугалланаётган йил бўйича умумий таассуротларим шундан иборатки, 2019 йил ислоҳотлар анча сустлашгани, аксарият йўналишлар бўйича орқага кетишлар ҳам бўлгани билан ёдда қолди. Бу йилда эски тизим яшовчанлигини ва ўзининг эски мавқеини яна тиклашга киришганини кўрсатди.

Ижтимоий соҳага келсак, 2019 йилда жамият билан давлат орасида қайта алоқа, мулоқот қилиш механизмлари сустлашди. 2017 йилда бу борада вазият анча яхши эди. Ҳукумат вакиллари ОАВдаги чиқишларга ижобийми ёки салбийми, муҳими муносабат билдирар эди. Электрон ахборот воситаларидаги чиқишлар, мунозара, баҳслар кўпинча ўз натижасини берар эди. Қайсидир маънода ҳукумат ҳозиргача ижтимоий тармоқлар ва электрон ОАВдаги чиқишларга эътибор қаратади. Аммо, менинг фикримча, ҳозир бу тамойил анча сустлашди, бу каби чиқишларга аввалгидек муносабат, жиддий ёндашувни кузатмаяпман. Бундан ташқари, айрим ҳокимият вакиллари электрон ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқлардаги танқидий чиқишларга салбий муносабатини ҳам яширишмаяпти. ОАВдаги мақолаларга, блогер ва муаллифларга қарши билдирилган салбий муносабатларни гувоҳи бўлдик. Ўзимдан қиёс, аввал менинг мақолаларимни чоп этиб келган айрим электрон сайтлар мақолаларим ёки ёзган фикрларимни эълон қилмай қўйишди. Сабаби, ҳозирги кунда ушбу сайтларда ўз-ўзини цензура қилиш мавжуд, деб ўйламайман.

Эски тизимда жамият билан ҳукумат ўртасида қайта алоқа, яъни ўзаро мулоқот деярли йўқ эди. Бундай мулоқот бўлмаса, жамият юқорида нималар бўлаётганини, қандай қарорлар қабул қилинаётганини, уларга таъсир ўтказиш у ёқда турсин, оддий воқеалардан ҳам бехабар қолади. Ислоҳотлар натижасида фуқаролик жамиятида кечаётган жараёнларга бироз бўлсада таъсир ўтказиш, дахлдорлик ҳис қилиш имкони пайдо бўлди. Охирги пайтдаги кузатувларим шундан далолат берадики, мулоқотнинг ушбу ришталари кун сайин яна заифлашиб боряпти.

Сизнингча, 2019 йил қайси воқеалар билан аҳамиятли бўлди? Мазкур йилнинг асосий натижаларини қандай баҳолайсиз?

Кузатаётган йилимизнинг аҳамиятли салбий жихати, бу протекционизмнинг кучайиши, импорт ўрнини тўлдириш сиёсатининг кучайиши, деб биламан. Шундай тасаввур уйғонадики, биз гўё 1996 йилга қайтаётгандекмиз. Яъни, қатор давлат идоралари томонидан импортни чеклаш бўйича турли хил ҳужжатлар қабул қилиниб, амалиётга жорий этилмоқда. Бу “ислоҳотлар” фақат конвертацияга тегишли эмас, холос. Қолгани айнан ўша даврни эслатади. Бошқача қилиб айтганда, улар конвертация масаласига тегмаслик учун импорт соҳасининг ҳамма жабҳаларига тўсиқлар қўйишмоқда – бож, акциз тўловларидан бошлаб, янги-янги тартиб қоидаларгача. Буларнинг ҳаммаси импортни чеклашга қаратилган. Мен буни нотўғри иқтисодий сиёсат, деб ҳисоблайман. Сабаби, биринчидан – рақобатчилик мувозанати бузилади, янги монополиялар вужудга келади ёки эскилари бўй кўрсатади. Иккинчидан, импорт чекланган шароитда экспорт ҳам зарар кўради. Натижада, биз яна ёпиқ иқтисодиётга қайтамиз, халқаро бозорларда улушимиз тушиб кетади. Назаримда, импорт ўрнини тўлдиришга қаратилган 20 йилдан ортиқ олиб борилган иқтисодий сиёсат бизни ҳеч нарсага ўргатмаган кўринади. Ахир бу сиёсат Ўзбекистон иқтисодиётини ривожланишида турғунликни вужудга келтирган эдику. Ўйлашимча, худди шу сиёсатни давом эттиришни истаётганга ўхшаймиз. Бизга ўша сиёсат конвертация бўлмагани учун ёмон эди, деб айтишди. Нима, энди конвертация жорий қилиниши билан ўша сиёсат яхши бўлиб қолдими?

2019 йилдан қандай хулосалар олиш мумкин?

Биринчи хулоса, агар сиз тезкор ва тўғри ечимга асосланган ислоҳотлар ўтказмас экансиз, ислоҳот амалга оширмоқчи бўлган соҳангиз мустаҳкам эски тизимга эга бўлса, ҳеч нарсага эриша олмайсиз. Шунинг учун ислоҳотларни амалга оширишда тезкорлик, ишонч ва қатъийлик бўлиши лозим.

Иккинчи хулоса, бугунги кунда ҳукумат таркибида ҳақиқий ислоҳотчилар жамоаси мавжуд эмас. Ислоҳотлар учун жон куйдираётган айрим ҳукумат раҳбарлари ва гуруҳлар бор, аммо жамоа йўқ. Шунинг учун уларнинг кучи ва таъсир доираси етарли бўлмаяпти, бу айниқса, 2019 йилда сезилди.

Учинчи сабоқ сифатида маҳаллий амалдорларимизнинг 1996 йилда жорий қилинган тартибларга керагидан ортиқ боғланиб қолганликларини таъкидлаш мумкин. Афсуски, иқтисодиётдаги жараёнларга эски қарашлар айнан 2019 йилдан бошлаб яна ўзини намоён қила бошлади. Ислоҳотларни амалда жадал жорий қилиш учун янги ва ёш кадрлар етишмаяпти. Оптимистик нуқтаи назардан эса тахмин қилиш мумкинки, бу вақтинчалик ҳолат. Биз бугунги чекинишлардан сўнг яқин вақт ичида, албатта олдинга силжишга муваффақ бўламиз, деган умиддаман.

2020 йил учун тахмин ва прогнозларингиз қандай?

Менинг фикримча бу борада иккита вариант мавжуд.

Биринчиси пессимистик тахминларга асосланган, яъни эски тизим ўз позициясини мустаҳкамлаб олади, фақат бироз бошқачароқ, мослашувчанроқ шаклда. Лекин буткул орқага кетиш бўлмайди. Ислоҳотларнинг айрим натижалари сақланиб қолади, аммо кутилган самаралар бўлмайди.

Иккинчиси – оптимистик руҳда: 2019 йилда кузатилган салбий ҳолатларга вақтинча қўлланилган чекинишлар сифатида қарашдир. Келгуси йилда ислоҳотлар курсини ўз оқимига қайтара оламиз, аммо ислоҳотлар тез ва кескин амалга ошади, деб айта олмайман. Аста-секин ва шошмасдан олдинга ҳаракатланишда давом этамиз. Бу, тан олиш керак, биринчи вариантга қараганда анча яхши тахмин.

Келаётган янги йилда қандай ўзгаришларни кутмоқдасиз?

Албатта, биринчи навбатда ислоҳотларнинг давом этишини кутиб қоламан. Энг аввало аграр соҳада ислоҳотлар зарур. Афсуски, сўнгги йилларда бу соҳада деярли ҳеч қандай ўзгаришлар бўлгани йўқ. Аҳолисининг аксарият қисми қишлоқ жойларда истиқомат қиладиган мамлакат сифатида иқтисоднинг асосини қишлоқ хўжалиги ташкил қилади. Бироқ, мазкур соҳа нотўғри тизимда ишлаб келмоқда, унда феодаль тизим унсурлари ҳар қадамда учрайди. Асосий эътибор пахта ва буғдой атрофига қурилган. Бу фермерларнинг ҳам, оддий қишлоқ аҳолисининг ҳам даромадларига салбий таъсир кўрсатади. Бундан ташқари, ушбу тармоқнинг самарадорлигини пасайтиради. Натижада биз ўзимиз кутган натижаларга эриша олмаяпмиз. Умид қиламанки, 2020 йилда мазкур соҳада жадал ислоҳотлар амалга оширилади ва уни давлат буюртмаларини бекор қилишдан бошлаш мақсадга мувофиқдир. Балки, буни дарҳол эмас, босқичма-босқич амалга ошириш керакдир, асосийси, жараённи бошлаб юбориш. Шуни таъкидлаш жоизки, пахта ва буғдой бозори эркин бўлиши керак.

Бундан ташқари, мен 2020 йилда маъмурий ислоҳотлар бошланишини кутяпман. Унинг концепцияси 2017-йилда қабул қилинган эди. Аммо, мазкур йўналишда айрим идораларнинг номи ўзгаргани, айрим вазирликлар ташкил қилинганини инобатга олмасак, деярли бу борада ишлар олиб борилмади. Ҳукумат марказий бошқарув органи сифатида маҳаллий бошқарув органлари билан муносабатларини, давлат хизматлари тизимини, тармоқлар бўйича иқтисодиётни бошқариш механизмларини қайта кўриб чиқиши ва такомиллаштириши лозим.

Яна давлат секторидаги табиий монополиялар ислоҳотига ҳам киришиш учун вақт етиб келди, деб ўйлайман. Аксарият йирик компаниялар давлатга қарашли. Йирик банкларнинг барчаси давлат тасарруфида, уларни хусусийлаштириш, рақобатни ривожлантириш зарур. Тегишли тармоқларни очиқ ва шаффоф тарзда хусусийлаштириш амалиётини жорий қилиш керак. Умид қиламанки, 2020 йилда бу ҳайрли ишларга старт берилади.

Умуман олганда, ислоҳотлар бошқа соҳаларда ҳам зарур. Масалан, банк сектори. Бу соҳада имтиёзли кредитлар ажратиш амалиётидан воз кечиш лозим. Рақобатни ривожлантириш орқали кўплаб мақсадларга эришса бўлади. Банк бозорининг янги иштирокчиларига ҳам имконият бериш лозим. Турли хил кредит ташкилотларини ривожлантириш керак. Авваллари мамлакатимизда кредит уюшмалари фаолият юритар эди, аммо кейинчалик улар негадир ёпилиб кетди. Бу соҳада ҳам хусусийлаштиришни жадаллаштириш яхши натижа бериши мумкин.

Бундан ташқари, солиқ, бюджет, таълим, соғлиқни сақлаш, пенсия соҳаларида ҳам ислоҳотларни жадаллаштириш лозим. Аслида мамлкатимизда ислоҳотлар ўтказмаса ҳам бўладиган соҳа ёки тармоқнинг ўзи йўқ. Тўғри, бунинг учун катта куч, салоҳиятли кадрлар керак. Давлат бошқарувида ўз вазифасини уддалай олмаётган, бозор иқтисодиёти нима, унда давлат органлари қандай иштирок этиши керак, деган тушунчаларга эга бўлмаган кадрлар кам эмас. Бу бизнинг катта муаммоимиз. Бундан ташқари, амалдорларнинг шахсий манфаатдорлиги ҳам йўқ эмас. Ислоҳотлар бундай амалдорлар даромадининг эски туйнукларини ёпиб қўяди ва бунинг уларга нафи йўқ. Ислоҳотларни амалга оширишдаги муаммоларнинг ва унга қаршиликлар бўлаётганининг асосий сабаблари ҳам шу. Аммо, юқорида айтганимдек, умид бор, келаётган янги йилда қандайдир ислоҳотлар давом эттирилади, қайсиларидир янгидан бошланади.

UzAnalytics сайти таҳририяти Юлий Юсуповга мазкур интервью учун ўз миннатдорчилигини билдиради.

 

Сурат манбаси: spot.uz

 

Манба: uzanalytics.com

скачать dle 10.6фильмы бесплатно
  • 26-12-2019, 13:14 |
  • 187


Имя:*
E-Mail:
  • winkwinkedsmileam
    belayfeelfellowlaughing
    lollovenorecourse
    requestsadtonguewassat
    cryingwhatbullyangry
Введите код: *
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив